Бухгалтерия хисоби умумий қоидалари
Тадбиркорлик субъектлари барча хўжалик операцияларини яхлит, узлуксиз, ҳужжатлар асосида ҳисобга олиш йўли билан бухгалтерия хисобини юритади. 1 январь — 31 декабрь календарь йили йиллик молиявий ҳисоботнинг ҳисобот давридир.
Бухгалтерия ҳисобини юритишни қуйидагича ташкил этиш мумкин:
- тадбиркорлик субъекти раҳбари томонидан шахсан юритиш
- бухгалтер мутахассисни ишга қабул қилиш
- бухгалтерлик хизматларини кўрсатадиган ташкилот билан шартнома тузиш
Бухгалтерия ҳисоби миллий валютада — сўмда юритилади.
Бухгалтерия ҳисобини юритиш миллий стандартлар асосида амалга оширилади, агарда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) қўлланилмаса.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)
2021 йил 1 январдан бошлаб, қуйидаги ташкилотлар Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади:
- акциядорлик жамиятлари
- тижорат банклари
- суғурта ташкилотлари
- йирик солиқ тўловчилар
Молиявий ҳисоботни ихтиёрий равишда МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этилади.
Молиявий ҳисобот турлари
Тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ва статистика органларига топшириладиган молиявий ҳисобот шакллари қуйидагилардан иборат:
- бухгалтерия баланси
- молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот
- пул оқимлари тўғрисида ҳисобот
- хусусий капитал тўғрисидаги ҳисобот
Тадбиркорлик субъектлари молиявий ҳисоботларни қуйидаги муддатларда топширади:
- ҳар чоракда чорак тугагандан кейинги ойнинг 25-кунига қадар
- йил якунида ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай (хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар учун 25 мартидан кечиктирмай)
Кичик корхоналар ва микрофирмалар чораклик ҳисобот топширишдан озод этилган. Улар фақат йил якунида бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни топширади.