Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги

Фаолиятни тугатиш ва банкротлик

Тадбиркорлик субъектлари

Тадбиркорлик субъекти фаолиятини тугатиш

Тадбиркорлик субъектини тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинишига олиб келади.
Тадбиркорлик субъекти қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:
  • унинг муассислари қарорига мувофиқ (ихтиёрий тугатиш)
  • тадбиркорлик субъектини ташкил қилиш чоғида қонунчилик бузилишига йўл қўйилганлиги сабабли, агар бу бузилишларни бартараф этиб бўлмаса, суд тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказишни ҳақиқий эмас деб топганида
  • фаолият лицензиясиз ёхуд тегишли рухсатномасиз амалга оширилган ёки қонунда тақиқланган фаолият амалга оширилган тақдирда суднинг қарорига кўра
  • тадбиркорлик субъекти суд томонидан банкрот деб ҳисобланганда
  • молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги сабабли ҳаракатсиз режимга ўтказилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланмаган тақдирда ваколатли органнинг қарорига кўра
Тадбиркорлик субъектини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган муассислар ёки орган тугатувчини тайинлайдилар ҳамда тугатиш тартиби ва муддатини белгилайдилар. Тугатувчи тайинланган пайтдан бошлаб тадбиркорлик субъектининг ишларини бошқариш бўйича ваколатлар тугатувчига ўтади.
Тугатувчи кредиторларни аниқлаш ва дебиторлик қарзини олиш чораларини кўради. Тугатувчи тадбиркорлик субъектининг тугатилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон беради. тадбиркорлик субъектининг тугатилиши ҳақидаги эълонда унинг кредиторлари талабларини билдириш тартиби ва муддатлари кўрсатилади. Бу муддат тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан пайтдан эътиборан 2 ойдан кам бўлмаслиги керак.
Тадбиркорлик субъектининг кредиторлар талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулки муассисларга топширилади.
Тадбиркорлик субъектининг тугатилиши ҳақидаги ёзув ягона давлат реестрига киритиб қўйилганидан сўнг Тадбиркорлик субъектининг фаолияти тугаган ҳисобланади.

Банкротлик

Тадбиркорлик субъектининг кредиторлар талабларини қондиришга қурби етмаса, суднинг қарорига мувофиқ у ночор (банкрот) деб ҳисобланиши мумкин. Банкрот деб ҳисобланиши тадбиркорлик субъектининг тугатилишига олиб келади.
Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга.
Қарздор тадбиркорлик субъектининг раҳбари қуйидаги ҳолларда қарздорга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза билан судга мурожаат этиши шарт:
  • бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ёки солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса
  • қарздорнинг мол-мулкига қаратилган ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўйиши ёки бошқа кредиторлар талаблари қаноатлантирилмаслигига олиб келиши мумкин бўлса
Ариза юқорида назарда тутилган ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай судга юборилиши керак.
Банкротлик тартиб-таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ҳимоя қилади. Суд банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилиб олган кундан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини қаноатлантириш мақсадида якка тартибда мурожаат қилишга ҳақли эмас.
Банкротлик тўғрисидаги иш суд мажлисида банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Ишни кўриш алоҳида ҳолларда 1 ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиниши қарздор фаолиятини тугатишга доир иш юритишнинг бошланишига сабаб бўлади. Тадбиркорлик субъектини тугатишга доир иш юритиш муддати 12 ойдан ошиши мумкин эмас.