Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги

Ишчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари

Меҳнат муносабатлари

Ишчилар учун меҳнат қилиш кафолатлари

Мажбурий меҳнат, яъни бирор-бир шахсдан унинг ихтиёрига қарши жазони (моддий, жисмоний ёки руҳий таъсир чораларини) қўллаш таҳдиди остида ишни ёки хизматни бажаришни талаб этиш, тақиқланади.
Иш берувчи ишчидан меҳнат шартномасида шартлашилмаган ишни бажаришни, ишчининг ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузадиган, ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўядиган ҳаракатларни амалга оширишни талаб қилишга ҳақли эмас.
Ишчи билан тузиладиган меҳнат шартномасига ишчининг ҳуқуқий ҳолатини қонун ҳужжатларга нисбатан ёмонлаштирувчи шартларни киритиш тақиқланади. Ҳеч бир ички ҳужжат ёки иш берувчининг қарорлари ишчининг ҳуқуқий ҳолатини қонунчиликка нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмас.
Ишчи билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган меҳнат шартномасининг ўрнига фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузиш тақиқланади.
Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга, ташкилотларнинг кузатув кенгашлари аъзоларига ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга нисбатан амал қилмайди.

Ишчининг ҳуқуқлари

Ишчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
  • меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш
  • меҳнат шартномасида шартлашилган иш билан таъминланиш
  • меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мос келадиган иш жойига эга бўлиш
  • ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш
  • ҳар ҳафталик дам олиш кунлари, ишланмайдиган байрам кунлари, шунингдек йиллик меҳнат таътиллари бериш орқали таъминланадиган дам олиш
  • хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларига эга бўлиш
  • касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш
  • ўз меҳнат ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига ва бошқа ташкилотларга бирлашиш
  • жамоа келишувлари ва жамоа шартномаси, шунингдек улар шартларининг бажарилиши тўғрисида ахборот олиш
  • меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ишчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш
  • ўз меҳнат ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш

Иш берувчи ва ишчилар ўртасидаги жамоа шартномаси

Жамоа шартномаси меҳнатга оид ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи иш берувчи ва ишчилар ўртасида тузиладиган меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир. Жамоа шартномаси ёзма шаклда тузилади.
Жамоа шартномасини тузиш масаласи бўйича жамоавий музокаралар бошлаш тўғрисидаги таклиф иш берувчи ёки ишчилар томонидан берилиши мумкин.
Жамоа шартномасига иш берувчининг ва ишчиларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:
  • меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар
  • нархларнинг ўзгаришидан, инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми
  • ишчиларнинг бандлиги, уларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, уларни ишдан бўшатиш шартлари
  • иш вақти ва дам олиш вақтининг, таътилларнинг давомийлиги
  • ишчиларнинг, шу жумладан аёлларнинг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ҳамда меҳнат муҳофазасини яхшилаш
  • ишни таълим билан қўшиб олиб бораётган ишчилар учун имтиёзлар
  • ихтиёрий тиббий ва ижтимоий суғурта
Меҳнат шартномасини тузишда иш берувчи ишга қабул қилинаётган ишчини жамоа шартномаси билан (агар мавжуд бўлса) имзо қўйдириб таништириши шарт.

Меҳнат дафтарчаси ва меҳнат стажи

Меҳнат дафтарчаси ишчининг меҳнат стажини тасдиқловчи ва меҳнат фаолияти тўғрисидаги верификация қилинган маълумотларни ўз ичига олган асосий ҳужжатдир.
Электрон шаклдаги меҳнат дафтарчаси my.mehnat.uz миллий меҳнат тизимида шакллантирилади. Ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига оладиган, ишчининг меҳнат фаолияти ва меҳнат стажи ҳақидаги ахборот меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотлардир.
Иш берувчи (якка тартибдаги тадбиркордан ташқари) ташкилотда 5 кундан ортиқ ишлаган барча ходимлар учун меҳнат дафтарчаларини юритиши шарт.

Якка тартибдаги тадбиркор ишга қабул қилинган ишчиларни my.soliq.uz дастури орқали рўйҳатга қўяди.

Ишчи меҳнат органида ёки охирги иш жойидаги иш берувчидан ишлаган давр учун меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни олишга ҳақлидир.

Чет эл фуқаросининг Ўзбекистонда меҳнат қилиши

Ўзбекистон ҳудудида вақтинчалик ёки доимий яшовчи ва яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчилик амал қилади.
Меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳудудига қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари 18 ёшга тўлганида ишчи сифатида меҳнат муносабатларига киришиш ҳуқуқига эга.
Чет эл фуқаролари ваколатли давлат органи томонидан тақдим этиладиган Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш тасдиқномаси асосидагина меҳнат қилиш ҳуқуқига эга.
Агар чет эл фуқароси Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлса, ундан Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш тасдиқномасини олиш талаб қилинмайди.
Ўзбекистон ҳудудига меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари муддатли меҳнат шартномасини тузиш ҳуқуқига эга. Чет эл фуқароси билан тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш тасдиқномасининг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлмаслиги керак.