Солиқ тўловчининг ҳуқуқлари
Солиқ тўловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- солиқ органларидан амалдаги солиқлар, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, солиқларни ҳисоблаш тўғрисида ахборотни, солиқ ҳисоботи шаклларини, шунингдек уларни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтиришларни бепул олиш
- ўз солиқ мажбуриятларини бажариш юзасидан солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни олиш
- солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ёхуд улардан фойдаланишни рад этиш
- солиқлар, пенялар ва жарималарнинг ортиқча ундирилган суммаларини ўз вақтида қайтаришни талаб қилиш
- белгиланган тартибда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш
- ўз ҳудудида ўтказиладиган сайёр солиқ текширувини ва солиқ аудитини ўтказишда иштирок этиш
- сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити материаллари билан танишиш, шунингдек ушбу текширувларнинг далолатномаларини олиш
- солиқ органлари ҳамда мансабдор шахсларининг солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ бўлмаган талабларини бажармаслик
- солиқ органлари қарорлари ҳамда мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш
- солиқ органлари қонунга хилоф қарорлари ҳамда мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш
- солиқ сирига риоя этишни талаб қилиш
Солиқ тўловчининг мажбуриятлари
Солиқ тўловчи қуйидаги мажбуриятларга эга:
- солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш
- ҳужжатларни кўриб чиқиш ёки тушунтиришлар бериш зарурияти тўғрисида чақирув хатини олганида солиқ органига келиш
- товар ва хизматларни реализация қилишда харидорга счет фактураларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш
- солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органининг мансабдор шахсларига солиқларни ҳисоблаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар билан танишиш имкониятини таъминлаш
- солиқ органи қонуний талабларини бажариш, мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслик
- солиқ ҳисоботларининг ва солиқларни ҳисоблаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг 5 йил мобайнида бут сақланишини таъминлаш
- Ўзбекистондаги компаниялар ҳамда чет эл компанияларидаги улушли иштироки тўғрисида солиқ органини хабардор этиш (агар устав фондидаги улуши 10% дан ортиқ бўлса)
Солиқ органи ҳуқуқлари
Солиқ органи қуйидагиларга ҳақли:
- солиқ тўловчилардан солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаш ҳамда тўлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишини талаб қилиш
- ўрнатилган тартибда солиқ текширувлари ва бошқа солиқ назорати тадбирларини ўтказиш
- солиқ тўловчининг ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа даромад олиш учун фойдаланиладиган жойларини кўздан кечириш
- мол-мулкни инвентаризация қилиш
- кассани ва товар-моддий бойликлар ҳамда ҳужжатлар сақланадиган жойларни 2 кундан ортиқ бўлмаган муддатга муҳрлаш (2 кундан ортиқ муддатга эса, суд қарори бўйича)
- фото- ва видеотасвирга тушириш, тушунтиришлар ҳамда бошқа маълумотларни олиш
- солиқ тўловчи ҳисоб ҳужжатларини йўқотган ёки йўқ қилган ҳолларда солиқлар суммасини ҳисоб-китоб орқали мустақил равишда аниқлаш
- солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўриш
- солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва молиявий санкциялар қўллаш
- солиқ тўловчиларга нисбатан ноқонуний олинган маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисида судларга даъволар киритиш
- ҳужжатларнинг давлат тилига таржима қилинишини талаб қилиш
- солиқ тўловчиларни ёзма билдириш асосида солиқ органларига тушунтиришлар беришга чақириш
- ўрнатилган тартибда солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва уларнинг мол-мулкини хатлаб қўйиш
- солиқ тўловчилар ва уларнинг вакилларидан қонунчилик бузилишларини бартараф этишни талаб қилиш ҳамда ушбу талабларнинг бажарилишини назорат қилиш
Солиқ органи мажбуриятлари
Солиқ органи қуйидаги мажбуриятларни бажариши лозим:
- солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши
- солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида маълумот бериши, шунингдек ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисида хабардор қилиши
- солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонунчиликни ижро этишида ёрдам бериши, солиқ тўғрисидаги қонунчилик нормаларини ва солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини тушунтириши
- солиқ тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни ўрганиши
- солиқ сирига риоя этиши ва унинг сақланишини таъминлаши
- солиқ тўловчининг талабига биноан солиқларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятининг бажарилиши юзасидан солиштирма далолатнома тузиши
- тадбиркорлик субъектларини, шу жумладан норезидентларни ҳисобга олиши, уларга солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамини бериши
- солиқ тўловчининг талабига биноан унинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотномани бериши
- солиқ тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Молия вазирлигининг ёзма тушунтиришларига амал қилиши