Ҳисоб сиёсати деганда тадбиркорлик субъектнинг раҳбари томонидан қабул қилинадиган, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузиш учун қўллайдиган усуллари, принциплари ва амалий ёндашувлари жамламаси тушунилади. Хусусан, ҳужжатлар айланмасини, инвентаризацияни ташкил этиш усуллари, бухгалтерия ҳисоби счётларини қўллаш принциплари, ахборотларни қайта ишлаш тартиби ва бошқалар.
Ҳисоб сиёсати тадбиркорлик субъекти фаолиятининг турли йиллардаги молиявий кўрсаткичлари бир-бирига қиёсланадиган бўлиши учун шакллантирилади.
Тадбиркорлик субъектининг ҳисоб сиёсати тадбиркорлик субъекти раҳбарининг тегишли буйруғи ёки фармойиши билан расмийлаштирилади. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъекти ҳисоб сиёсатини молиявий ҳисобот биринчи марта эълон қилингунга қадар, лекин давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб 90 кундан кечиктирмай расмийлаштиради.
Ҳисоб сиёсатини қуйидаги ҳолларда ўзгартиришга йўл қўйилади:
тадбиркорлик субъекти қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, бўлинганда, қўшиб олинганда)
тадбиркорлик субъекти эгалари алмашганда
Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатларида ўзгаришлар бўлганда
бухгалтерия ҳисобининг янги усуллари ишлаб чиқилганда
Ҳисоб сиёсатига ўзгартиришлар кейинги йилнинг 1 январидан бошлаб қўлланилади.
Солиқ солиш ҳисоб сиёсати
Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда белгиланади. Бунда ҳисоб сиёсати ихтиёрий шаклда тасдиқланади ва унда қуйидагилар акс эттирилиши керак:
солиқ регистрларининг шакли ва уларни тузиш тартиби, уларга риоя этилиши устидан масъул шахслар рўйҳати
солиқ солиш мақсадларида алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартиби (алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш шарт бўлган ҳолларда)