Меҳнат шартномасини ўзгартириш асослари
Меҳнат шартномасини ўзгартириш асослари қуйидагилардан иборат:
- меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори, иш вақтининг, таътилнинг давомийлиги, ишлаб чиқариш омиллари ва бошқа меҳнат шартларининг ўзгариши
- ишчининг бошқа ишга (лавозимга) ўтказилиши
- меҳнат шартномасида шартлашилган иш жойининг ўзгариши
Меҳнат шартномасини ўзгартириш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Меҳнат шартномасига ўзгартишлар ишчи ва иш берувчи томонидан ёзма шаклда тузиладиган қўшимча келишув орқали расмийлаштирилади. Меҳнат шартномасига доир қўшимча келишув камида икки нусхада тузилади.
Меҳнат шартномаси ўзгартирилганлигини қонунга хилоф деб ҳисобловчи ишчи шикоят қилишга ҳақли. Меҳнат низосини кўриш чоғида аввалги меҳнат шартларини сақлаб қолиш имконияти йўқлигини исботлаб бериш мажбурияти иш берувчининг зиммасига юклатилади.
Меҳнат шароитлари қонунга хилоф равишда ўзгартирилган тақдирда, ишчининг аввалги меҳнат шароитларини тиклаш тўғрисидаги талаблари қаноатлантирилиши лозим.
Ишчининг меҳнат қилиш шартларининг ўзгариши
Ишчи ўз ташаббуси билан иш берувчидан меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир. Ишчининг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги аризаси у берилган кундан эътиборан 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши керак. Ишчининг меҳнат шартларини ўзгартириш ҳақидаги талабларини қаноатлантириш рад этилган тақдирда, иш берувчи унга рад этишнинг сабаби тўғрисида ёзма шаклда хабар қилиши керак.
Агар технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги муносабати билан аввалги меҳнат шартлари сақлаб қолиниши мумкин бўлмаса, иш берувчи ишчининг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга ҳақли.
Иш берувчи меҳнат шартларининг келгусидаги ўзгариши ҳақида ишчини камида 2 ой олдин ёзма шаклда имзо қўйдириб огоҳлантириши шарт. Агар огоҳлантириш муддати тугагач ишчи янги меҳнат шартларида меҳнат қилишни рад этса, ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда ишчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин.
Ишчини бошқа ишга (лавозимга) ўтказиш
Ишчи айнан ўша иш берувчида ишни давом эттирганда унинг меҳнат вазифаларини ўзгартириш бошқа ишга (лавозимга) ўтказиш ҳисобланади. Ишчини бошқа ишга ўтказиш доимий ёки вақтинча бўлиши мумкин.
Тиббий хулоса билан тасдиқланган қарши кўрсатмалар бўлганда ишчини бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилмайди.
Ишчини бошқа ишга доимий ўтказишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Ишчини вақтинча бошқа ишга ўтказиш унинг розилиги билан амалга оширилади, бундан ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши ҳоллари мустасно.
Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан ишчи вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда ишчининг меҳнатига ҳақ тўлаш аввалги ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади.
Ишчи бошқа ишга ўтказилаётганда унинг ишга киришиши керак бўлган сана белгиланиши керак. Агар ишчини вақтинча бошқа ишга ўтказиш юз берган бўлса, бундай ўтказиш муддати белгиланиши керак.
Ишчининг иш жойини ўзгартириш
Меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилмаган иш жойининг ўзгариши (ишчини бошқа иш жойига, худди ўша ҳудудда жойлашган бошқа бўлинмага ўтказиш ёки ишчига бошқа механизмда ишлашни топшириш), иш аввалги меҳнат шароитларида давом эттирилган тақдирда, ишчининг розилигини талаб этмайди.
Агар муайян иш жойидаги иш меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган бўлса, иш жойини ўзгартиришга фақат ишчининг розилиги билан йўл қўйилади.
Иш берувчининг бошқа жойга (ишчининг яшаш жойига қайтиш имконини бермайдиган масофада жойлашган ҳудудга) кўчиши лозим бўлганда, иш берувчи ишчини камида 2 ой олдин ёзма шаклда огоҳлантириши шарт. Ишчи иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчишни ёзма равишда рад этган тақдирда, ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ҳолда ишчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.