Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ тўловчилари деб қуйидагилар эътироф этилади:
- Ўзбекистон резиденти саналган жисмоний шахслар (фуқаролар ва чет эл фуқаролари)
- Ўзбекистондаги манбалардан даромад олувчи норезидент жисмоний шахслар
Қоида тариқасида, солиқ тўловчининг жами даромади даромад солиғига тортилади. Ўзбекистон фуқаролари Ўзбекистондаги ва унинг ташқарисидаги манбалардан олинган даромадлардан солиқ тўлайди. Норезидент чет эллик шахслар Ўзбекистондаги манбалардан олинган даромадлардан солиқ тўлайди.
Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича ҳисоботлар солиқ агентлари (яъни, иш берувчи компания ёки якка тартибдаги тадбиркор) ҳар ойда, кейинги ойнинг 15-чи кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тақдим этилади.
Декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар бўйича солиқ декларациясини тақдим этишнинг сўнгги муддати кейинги йилнинг 1 апрели ҳисобланади.
Даромад солиғи ставкаси
Ўзбекистон резиденти саналган жисмоний шахслар (фуқаролар ва чет эл фуқаролари) даромадларига 12% ставка бўйича солиқ солинади. Дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадларга 5% ставка бўйича солиқ солинади.
Норезидент чет эллик шахслар олинган дивидендлар ва фоизлар учун 10% ставкада солиққа тортилади.
Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича имтиёзлар
Қуйидаги даромадлар жисмоний шахсларнинг даромад солиғига тортилмайди:
- қонунчиликда белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари
- стипендиялар
- давлат пенсиялари
- олинган алиментлар
- ўқувчилар ва талабаларнинг таълим олиши учун олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган маблағлар
- фуқаролар томонидан олинадиган суғурта товони суммалари
- бир йўла бериладиган давлат пул мукофоти ёки шунга тенг баҳодаги эсдалик совғалар
- касаба уюшмаси қўмитаси томонидан амалга ошириладиган тўловлар (бундан касаба уюшмаси қўмитасининг ходимларига меҳнат вазифаларини бажарганлик учун бериладиган тўловлар мустасно)
- ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш харажатлари
- хизмат сафарларига оид айрим компенсация тўловлари
- фавқулодда ҳолатлар муносабати билан етказилган зарарлар суммаси доирасида бериладиган моддий ёрдам
- 36 календарь ойдан кўп муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни сотишдан олинадиган даромадлар
- солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари