Солиқ тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби
Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, шу солиқ бўйича тегишлича бир йўла ёки босқичма-босқич қарз суммасини тўлаган ҳолда, ушбу солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришдан иборатдир.
Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш 1 йилдан ошмаган муддатга берилади. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти 2 йилгача муддатга берилиши мумкин.
Ваколатли органнинг қарорига кўра солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан таъминланиши мумкин.
Қуйидаги ҳолатларда солиқни тўлаш муддати ўзгартирилиши мумкин эмас:
- солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлса
- солиқ тўловчи солиқ солиниши лозим бўлган ўз пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини яширишини ёки доимий яшаш учун Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетишини тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса
- олдинги 3 йил мобайнида илгари берилган кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса
- банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса
- солиқ тўловчи юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган бўлса
Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун ваколатли органга ариза билан мурожаат қилинади. Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд рад этиш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан ариза олинган кундан эътиборан 30 кун ичида қабул қилинади.
Солиқ тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш учун асослар
Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қуйидаги асослардан биттаси мавжуд бўлган тақдирда берилиши мумкин:
- солиқ тўловчига табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилганлиги
- солиқ тўловчини бюджетдан молиялаштириш кечиктирилганлиги ёки ушбу шахс томонидан бажарилган давлат буюртмаси ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги
- солиқ тўловчи солиқни бир йўла тўлаши оқибатида унинг ночорлиги (банкротлиги) аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келганлиги
- солиқ тўловчи фаолиятни 3 йилдан ортиқ вақтдан буён амалга ошираётганлиги ҳамда ҳисобланган солиқларни ўз вақтида тўлаб келганлиги, аммо молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини белгиланган муддатларда тўлаш имкониятига эга бўлмаганлиги
- агар тадбиркорлик субъекти мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўлашни кечиктириш ҳуқуқи тўғрисидаги хабарномани мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 3 ой ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ер участкалари, бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтганлигининг қайд рақамини ва санасини кўрсатган ҳолда солиқ органларига юборган бўлса
- агар ўтган йил якунлари бўйича жами даромади 10 миллиард сўмдан ошмаган солиқ тўловчи солиқ қарзи юзага келган санадан эътиборан 1 ой ичида солиқ органларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи тўғрисида хабарнома юборган бўлса (мазкур тартиб қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчиларига нисбатан қўлланилади)
- солиқ тўловчи томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга бўлса
Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд рад этиш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан қабул қилинади.