Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги

Меҳнат интизоми ва жавобгарлик

Меҳнат муносабатлари

Ишчини вақтинча ишдан четлаштириш

Ишдан четлаштириш ишчини меҳнат мажбуриятларини, қоида тариқасида, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бажаришга вақтинча йўл қўймасликдир.
Иш берувчи қуйидаги ҳолларда ишчини ишдан четлаштириши шарт:
  • ваколатли давлат органларининг талабига кўра
  • алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида
  • меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаганда
  • мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаганда
  • ишчи томонидан ишни бажариш учун тиббий хулосага мувофиқ қарши кўрсатмалар аниқланганда
  • ишчи меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши шарт бўлган шахсий ёки жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланмаганда
Иш берувчи ишчини ишдан четлаштириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар бутун даврга уни ишдан четлаштиради.
Ишчини ишдан четлаштириш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилиб, унда четлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилган аниқ сабаб кўрсатилиши керак. Иш берувчининг ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруғи ишдан четлаштирилган ишчига имзо қўйдириб етказилади.

Меҳнат интизоми

Меҳнат интизоми барча ишчиларнинг меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, ички меҳнат тартиби қоидаларига ва меҳнат шартномасига мувофиқ белгиланган хулқ-атвор қоидаларига мажбурий бўйсунишидир. Меҳнат интизоми ишчини ҳалол меҳнати учун рағбатлантириш ва мукофотлаш, меҳнат мажбуриятларини бузганларга нисбатан жазо чораларини қўллаш орқали таъминланади.
Ички меҳнат тартиби қоидалари иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Ишчи ўз зиммасига юклатилган меҳнат мажбуриятларини виждонан бажариши, ички меҳнат тартибига риоя этиши, меҳнат хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидаларига риоя этиши, иш берувчининг мол-мулкига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиши лозим.

Ишчига интизомий жазо чораларини қўллаш

Интизомий жавобгарлик ишчи томонидан интизомий қилмиш содир этилганлиги учун юзага келадиган ва унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилишида ифодаланадиган юридик жавобгарликдир.
Ишчи томонидан интизомий қилмиш содир этилиши ишчини интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Интизомий қилмиш деганда ишчи томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги тушунилади.
Меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ишчига қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:
  • ҳайфсан
  • ўртача ойлик иш ҳақининг 30% дан кўп бўлмаган миқдорда жарима
  • меҳнат шартномасини бекор қилиш (ишдан бўшатиш)
Иш берувчи ишчидан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар ёзма тушунтиришни талаб қилиши шарт. Ишчининг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди.
Ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо чорасини танлаш ҳуқуқи иш берувчига тегишлидир.
Ишчига интизомий жазо чорасини қўллаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Иш берувчининг буйруғи ишчига жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилинади.
Интизомий жазо интизомий қилмиш аниқланганидан кейин 1 ойдан кечиктирмай қўлланилади (бунда ишчи вақтинча ишга лаёқатсиз бўлган ёки таътилда бўлган давр ҳисобга олинмайди).
Агар интизомий жазо қўлланилган кундан эътиборан 1 йил ичида ишчига янги интизомий жазо қўлланилмаса, у интизомий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.
Касаба уюшмасининг олдиндан розилигини олмасдан, касаба уюшмаси таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ишчига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди. Мазкур тартиб ишчининг касаба уюшмасидаги ваколатлари тугагандан кейин яна 2 йилгача амал қилади.

Ишчининг моддий жавобгарлиги

Ишчи иш берувчига тўғридан-тўғри етказилган ҳақиқий зарарнинг (мол-мулкка зарар етказиш ва ҳоказо) ўрнини қоплаши шарт. Бой берилган фойда ишчидан ундирилмайди. Зарар етказилгандан кейин меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ушбу шартнома тарафини моддий жавобгарликдан озод этмайди.
Зарар бартараф этиб бўлмайдиган куч, нормал хўжалик таваккалчилиги ёки зарурий мудофаа оқибатида юзага келган ҳолларда ишчи моддий жавобгар бўлмайди.
Ишчи ўзининг ўртача ойлик иш ҳақи доирасида моддий жавобгар бўлади. Тўлиқ моддий жавобгарлик қуйидаги ҳолларда ишчининг зиммасига юклатилади:
  • тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома асосида ўзига ишониб топширилган қимматликларнинг камомадида
  • ишчи томонидан товар-моддий қимматликларни олиш ишончномаси бўйича олинган бойликларнинг бут сақланиши таъминланмаганда
  • қасддан зарар етказилганда
  • алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида зарар етказилганда
  • ишчининг суд томонидан аниқланган жиноий ҳаракатлари натижасида зарар етказилганда
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида зарар етказилганда
  • тижорат, хизмат сирини ёки бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар ошкор қилинганда
  • ишчи меҳнат мажбуриятларини бажармаган тақдирда зарар етказилганда
Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиладиган ишчиларнинг тоифалари рўйхати касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга биноан иш берувчи томонидан белгиланади.
Ишчи томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги меҳнат низолари бевосита судда кўриб чиқилади. Иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан 1 йил ичида судга оширилиши мумкин.

Меҳнат низолари

Ишчи меҳнат низосини ҳал қилиш учун ўз танловига кўра бевосита судга мурожаат этишга ҳақли. Ишчининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни амалга оширишни рад этиши тўғрисидаги ёзма ёки оғзаки мажбуриятлари ҳақиқий эмас.
Қуйидаги меҳнат низолари бевосита судда кўриб чиқилади:
  • агар ишчининг иш жойида меҳнат низолари бўйича комиссия тузилмаган бўлса
  • меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатъи назар, ишга тиклаш тўғрисидаги
  • ишчига меҳнатда майиб бўлганлиги ёки касб касаллиги туфайли етказилган зиённинг ўрнини ёхуд ишчининг мол-мулкига етказилган моддий зарарнинг ўрнини иш берувчи томонидан қоплаш ҳақидаги
  • ишга қабул қилиш рад этилганлиги ҳақидаги
  • иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда олдиндан ҳал этилган масалалар юзасидан
  • ўзини меҳнат қилиш ва машғулотлар соҳасида камситилишга учраган деб ҳисоблаётган шахсларнинг
Меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш бўйича ишчига ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан 6 ой муддат белгиланади. Ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича — ишчига меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси топширилган кундан эътиборан 3 ой.