Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги

Ишга қабул қилиш

Меҳнат муносабатлари

Ишчини ишга қабул қилиш

Ишчини ишга қабул қилишга, қоида тариқасида, 16 ёшдан йўл қўйилади. 18 ёшгача бўлган шахслар фақат дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан кейин ишга қабул қилинади.
Ишга қабул қилиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
  1. ишга қабул қилиш чоғидаги таништириш, суҳбат ва танлов (иш берувчи хоҳишига кўра)
  2. меҳнат шартномаси шартлари бўйича тарафларнинг келишувга эришиши ҳамда шартномани иш берувчи ва ишчи томонидан имзоланиши
  3. иш берувчи томонидан ишчини ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ қабул қилиниши ҳамда ишга қабул қилиш ҳақидаги маълумотларни ишчининг меҳнат дафтарчасига my.mehnat.uz миллий меҳнат тизими орқали расмийлаштириш
Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ишга қабул қилинган ишчилар учун меҳнат дафтарчалари юритилмайди, лекин my.soliq.uz дастури орқали ишчилар рўйҳатга қўйилади.
Ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ ишчига имзо қўйдириб эълон қилинади. Буйруқ чиқариш учун ишчи билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади.
Меҳнат шартномаси камида 2 нусхада ёзма шаклда тузилиб, уларнинг ҳар бири иш берувчи ва ишчи томонидан имзоланади. Меҳнат шартномасининг бир нусхаси ишчига берилади. Ишчи меҳнат шартномасининг нусхасини олганлигини алоҳида имзо билан тасдиқлайди.
Агар компанияда жамоа шартномаси қабул қилинган бўлса, меҳнат шартномасини тузишда иш берувчи ишга қабул қилинаётган ишчини жамоа шартномаси билан имзо қўйдириб таништириши шарт.

Ишга қабул қилиш чоғида талаб этиладиган ҳужжатлар

Ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
  • паспортни ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни ёхуд идентификацияловчи ID-картани
  • охирги иш жойи бўйича тасдиқланган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани (биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно)
  • асосий иш жойидан маълумотнома - ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар учун
  • ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар учун тегишинча ҳарбий гувоҳномани ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани
  • олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни
  • жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини (биринчи марта ишга кираётган шахслар мустасно)
Ишга қабул қилиш чоғида ишга кираётган шахсдан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Ишга қабул қилиш чоғидаги дастлабки синов

Меҳнат шартномаси ишчининг ишга мувофиқлигини текшириш мақсадда дастлабки синов билан тузилиши мумкин. Дастлабки синовдан ўтиш меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши керак. Бундай шартлашув мавжуд бўлмаган тақдирда, ишчи дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.
Дастлабки синов муддати 3 ойдан ошмаслиги керак. Компания раҳбарлари ва ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда бўлинмаларнинг раҳбарлари учун эса 6 ойдан ошмаслиги керак. Дастлабки синов даври меҳнат стажига, шу жумладан ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига қўшилади.
Дастлабки синов муддати тугагунига қадар иш берувчи ёки ишчи камида 3 кун олдин ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.
Қуйидагилар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди:
  • ҳомиладор аёл
  • 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл
  • 3 ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий)
  • давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан 3 ой ичида йўлланма бўйича ишга кираётган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари
  • тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан 1 йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари
  • 6 ойгача муддатга муддатли меҳнат шартномаси тузилаётган ишчилар
  • иш берувчи илгари меҳнат шартномасини бекор қилган ишчилар ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда
  • 18 ёшга тўлмаган шахслар
Ишчи иш берувчи томонидан бошқа ишга (лавозимга) ўтказилаётганда дастлабки синов белгиланишига йўл қўйилмайди.

Меҳнат шартномаси

Меҳнат шартномаси иш берувчи ва ишчи ўртасидаги тарафларнинг ўзаро ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини белгиловчи ёзма келишув бўлиб, унга мувофиқ ишчи келишувда белгиланган меҳнат вазифасини иш берувчининг раҳбарлиги ва назорати остида шахсан бажаради, иш берувчи эса ишчига шартлашилган иш ҳақини ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлайди.
Меҳнат шартномаси номуайян муддатга ва 3 йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилиши мумкин. Ишчи билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш асослантирилган бўлиши лозим.
Меҳнат шартномасига киритилиши мажбурий бўлган шартлар қуйидагилардан иборат:
  • иш жойи — меҳнат фаолиятини амалга оширадиган (унинг алоҳида бўлинмаси), шунингдек ишчи меҳнат қилиши керак бўлган жой
  • меҳнат вазифаси — муайян касб, мутахассислик, малака ёхуд лавозим бўйича иш, шунингдек ишчига топшириладиган ишнинг аниқ тури
  • ишнинг бошланиш санаси — ишни бажаришга киришиш керак бўлган календарь сана
  • меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (шу жумладан ишчининг тариф ставкаси ёки маоши миқдори, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловлар)
  • меҳнат шартномасининг муддати
  • иш вақти ва дам олиш вақти режими
  • ишнинг хусусиятини белгилайдиган шартлар
Агар меҳнат шартномасида кўрсатилиши лозим бўлган шартлардан бирор-бири шартномага киритилмаган бўлса, бу меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолатда меҳнат шартномаси қўшимча шартнома тузиш йўли билан тўлдирилиши керак.
Ишчи меҳнат шартномасида белгиланган санадан эътиборан меҳнат вазифаларини бажаришга киришиши шарт. Агар меҳнат шартномасида иш бошланадиган кун белгиланмаган бўлса, ишчи шартнома кучга кирган кундан кейинги иш кунида ишга киришиши керак.
Меҳнат шартномаси иш берувчи ва ишчи томонидан имзоланган кундан эътиборан кучга киради.

Ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш

Ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишга йўл қўйилмайди. Қуйидагилар ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишдир:
  • иш берувчи томонидан ишга таклиф этилган шахсларни ишга қабул қилмаслик
  • ҳомиладорлик ёки фарзандлар борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра ишга қабул қилмаслик
  • меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузиш
  • судланганлиги, шу жумладан тугалланган ва олиб ташланган судланганлиги сабабли (қонунчиликда назарда тутилган айрим ҳоллар мустасно), ёхуд яқин қариндошлари судланганлиги сабабли ишга қабул қилмаслик
Ишга қабул қилиш қонунга хилоф равишда рад этилган деб ҳисоблайдиган шахс белгиланган тартибда шикоят қилиши, шу жумладан судга мурожаат қилиши мумкин. Низоларни кўриб чиқиш чоғида ишга қабул қилишни рад этишнинг қонунийлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади.