Ўзбекистон Республикаси солиқ қонунчилиги

Солиқ ҳисоботлари

Солиқ сиёсати

Солиқ ҳисоботини тузиш

Солиқ ҳисоботи солиқ органларига тадбиркорлик субъекти солиқ тўловчи деб эътироф этиладиган солиқлар бўйича тақдим этилади. Солиқ ҳисоботи қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этилади.
Тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шакллар бўйича электрон ҳужжат тарзида тақдим этади.
Йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади.
Солиқ тўловчи солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни, ушбу ҳисобот тақдим этилган йилдан кейин камида 5 йил сақлаши шарт.

Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи

Илгари тақдим этилган солиқ ҳисоботида солиқ суммаси камайишига олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ёки хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.
Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати ўтгунга қадар тақдим этилган бўлса, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ўз вақтида тақдим этилган деб ҳисобланади.
Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи қуйидаги барча шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:
  • солиқ суммаси камайишига олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган бўлса
  • аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар солиқ тўловчи етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса
Агар солиқ ҳисоботидаги камчилик ёки хатолар солиқ суммасининг камайишига олиб келмаган бўлса, солиқ тўловчи солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши мумкин. Бунда белгиланган муддат ўтгандан кейин тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи муддат бузилган ҳолда тақдим этилган деб ҳисобланмайди.