Ишчини ишдан бўшатиш тартиби
Меҳнат шартномасини бекор қилиш деганда ишчи ва иш берувчи ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни тугатиш тушунилади.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:
- иш берувчи ва ишчининг ўзаро келишуви асосида
- меҳнат шартномаси муддатининг тугаши
- меҳнат шартномаси ишчининг ташаббусига кўра бекор қилиниши
- меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиниши
- ишчининг ишни давом эттиришни рад этиши (компания мулкдори алмашганда, тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра ва бошқа ҳолларда)
- тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар (ҳарбий хизматга чақирув, суд ҳукми билан жазо тайинланиши ва бошқалар)
- ишчининг янги муддатга сайланмаганлиги ёки танловдан ўтмаганлиги ёхуд сайловда, танловда иштирок этишни рад этганлиги
Меҳнат шартномаси исталган вақтда иш берувчи ва ишчининг ёзма келишувига кўра бекор қилиниши мумкин.
Меҳнат шартномасини бекор қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари Меҳнат кодекси моддаси келтирилган ҳолда кўрсатилиши керак.
Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишчига унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт. Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишчи йўқ бўлган ёки ҳужжатларни олишни рад этган тақдирда, иш берувчи кейинги иш кунидан кечиктирмай ишчига меҳнат дафтарчасини олиш учун келиши ёхуд меҳнат дафтарчаси почта орқали юборилишига розилик бериши зарурлиги ҳақида билдиришнома юбориши шарт.
Ишчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш
Ишчи 14 календарь кун олдин бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда, тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли (айрим ҳолларда огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари қўлланилади). Огоҳлантириш муддатининг ўтиши иш берувчи томонидан ишчининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризаси олинганидан кейинги кунда бошланади.
Огоҳлантириш муддати давомида, шу жумладан огоҳлантириш муддати сўнгги кунига қадар ишчи ўзи берган аризани чақириб олишга ҳақлидир.
Агар огоҳлантириш муддати тугагандан кейин ишчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаган ва меҳнат муносабатлари давом этаётган бўлса, меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз кучини йўқотади, меҳнат шартномасини ушбу аризага мувофиқ бекор қилишга эса йўл қўйилмайди.
Иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш
Ишчи билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш (ишдан бўшатиш) асосланган бўлиши керак. Қуйидаги сабаблардан бирининг мавжудлиги меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосланганлигини билдиради:
- компания тугатилганлиги
- технологиянинг ўзгариши, ишлар ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ ҳолда ишчилар сонининг ёки штатининг ўзгарганлиги
- ишчиинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги
- ишчиинг ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги (аввал меҳнат мажбуриятларини бузганлиги учун интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган кундан эътиборан 1 йил ичида такроран интизомий ножўя ҳаракат содир этилганлиги)
- ишчиинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги
- қонунчиликда белгиланган бошқа сабаблар
Ишчи вақтинча меҳнатга қобилиятсиз бўлган даврда, таътил даврида, давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ишдан озод этилган даврда ёки хизмат сафарида бўлган даврда меҳнат шартномасини бекор қилиш тақиқланади.
Агар жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, меҳнат шартномасини бундай розиликсиз бекор қилишга йўл қўйилмайди. Касаба уюшмасининг олдиндан розилигини олмасдан, касаба уюшмаси таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ишчини иш берувчининг ташаббуси билан бўшатишга йўл қўйилмайди. Мазкур тартиб ишчининг касаба уюшмасидаги ваколатлари тугагандан кейин яна 2 йилгача амал қилади.
Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ишчини қуйидаги муддатларда ёзма шаклда, имзо қўйдириб, огоҳлантириши шарт:
- 2 ой олдин, агар компания тугатилаётган бўлса, шунингдек ишчиларининг сони ёки штати қисқартирилса
- 2 ҳафта олдин, ишчининг малакаси етарли бўлмаганлиги туфайли бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги муносабати билан
- 3 кун олдин, ишчининг айбли ҳаракатлари муносабати билан
Тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бўшатиш
Меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиш асослари қуйидагилардан иборат:
- ишчининг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганлиги
- шу ишни илгари бажариб келган ишчининг аввалги ишга тикланганлиги
- ишчи суднинг ҳукми билан аввалги ишини давом эттириш имкониятини истисно этадиган жазога ҳукм қилинган бўлса
- ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилганлиги, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этиш имкони бўлмаса
- ишчининг тиббий хулосага мувофиқ меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб эътироф этилганлиги
- компанияни тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги
- ишчи вафот этганлиги, шунингдек суд томонидан ишчининг бедарак йўқолган деб эътироф этилганлиги
- қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар
Ишдан бўшаган ишчи билан ҳисоб-китоб қилиш
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишчи билан ҳисоб-китоб қилиниши керак. Ҳисоб-китоб олинмаган иш ҳақини, фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсацияларни, шунингдек бошқа мажбурий тўловларни ишчига тўлашни ўз ичига олади.
Иш берувчи томонидан ишчига тегишли бўлган барча суммаларни тўлаш ишчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда амалга оширилади. Агар ишчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаган бўлса, тегишли суммалар ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида ишчи томонидан талаб қўйилганидан кейин 3 кундан кечиктирмай тўланиши керак.
Ишчига қуйидаги ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади:
- меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганда (ишчининг айбли ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатлар мустасно)
- тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда
- ишчи янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан
- ишчи тиббий хулосага мувофиқ бошқа ишга ўтказишни рад этганлиги
- ишчи иш берувчи билан бирга бошқа жойдаги ишга кўчишни рад этганлиги
- компаниянинг мулкдори алмашганда, ишчи ишни давом эттиришни рад этганлиги
Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ишчининг мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва ишчининг ўртача ойлик иш ҳақининг 50% дан кам бўлмаслиги лозим.
Бўшатилган ишчини аввалги иш жойига тиклаш
Меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган деб ҳисоблайдиган ишчи бевосита иш берувчига мурожаат қилиши ёки меҳнат шартномасининг бекор қилиниши устидан белгиланган тартибда, шу жумладан, суд тартибида шикоят қилиши мумкин.
Меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган ишчининг унга аввалги ишини тақдим этиш тўғрисидаги талаблари қаноатлантирилиши лозим. Ишчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини қонунга хилоф деб эътироф этган иш берувчи ишчини аввалги ишига (лавозимига) тиклаши шарт.
Низоларни кўриб чиқиш чоғида меҳнат шартномаси бекор қилинишининг қонунийлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига юклатилади.