Меҳнатга ҳақ тўлашнинг умумий қоидалари
Меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдори иш берувчи ҳамда ишчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Иш вақтининг ойлик нормасини ишлаб берган ишчининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг ойлик миқдори қонунчиликда белгиланган энг кам миқдордан – 1.050.000 сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.
Иш ҳақи миллий валютада - сўмда тўланади. Иш ҳақи тўлаш муддатлари ҳар ярим ойда 1 мартадан кам бўлиши мумкин эмас.
Иш ҳақи асосий (базавий) ва қўшимча қисмлардан иборат бўлади. Иш ҳақининг қўшимча қисмини қўшимча тўловлар, устамалар, шунингдек мукофотлар ва компенсация ёки рағбатлантириш хусусиятига эга бошқа тўловлар ташкил этади.
Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини камайтиришга ишчининг розилигисиз йўл қўйилмайди. Ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажми қисқарганда, башарти меҳнатга ҳақ тўлашнинг аввалги шартларини сақлаб қолиш мумкин бўлмаса, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини қисқартиришга йўл қўйилади. Иш берувчи бу ҳақида ишчини камида 2 ой олдин имзо қўйдириб огоҳлантириши керак.
Иш ҳақи тўловларининг оширилган миқдори
Иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Ишчининг хоҳишига кўра иш вақтидан ташқари иш қўшимча дам олиш бериш билан компенсация қилиниши мумкин. Бундай ҳолда иш вақтидан ташқари иш учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади, дам олиш вақти учун эса ҳақ тўланмайди.
Дам олиш кунларидаги ёки ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Дам олиш кунидаги ёки ишланмайдиган байрам кунидаги иш ишчининг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилиниши мумкин.
Тунги вақтдаги (соат 22:00 дан 06:00 гача) меҳнат учун ҳақ тўлаш камида бир ярим баравар миқдорида амалга оширилади.
Ишчининг иш ҳақидан ушлаб қолиш
Ишчининг иш ҳақидан унинг ёзма розилиги билан ушлаб қолиниши мумкин. Қуйидаги ҳолларда, ишчининг ёзма розилигидан қатъи назар, иш ҳақидан ушлаб қолиш амалга оширилади:
- солиқлар ва йиғимларни ундириш
- суд қарорлари бўйича ундирув
- иш берувчи томонидан иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш
- ишчи томонидан иш берувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, агар етказилган зарарнинг миқдори ишчининг ўртача ойлик иш ҳақидан ошмаса
- меҳнат интизомини бузганлик учун қўлланилган жарималарни ундириш
Ҳар бир тўлов чоғида иш ҳақидан ушлаб қолинган маблағларнинг умумий суммаси ишчига ҳисобланган иш ҳақининг 50% дан ошиши мумкин эмас. Алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ундиришда иш ҳақининг 70% гача ушлаб қолиш мумкин.
Ишчининг ёзма аризасига мувофиқ, унинг иш ҳақи тўлиқ ёки қисман банкдан олинган кредитлар, коммунал тўловлар ва бошқа харажатларни тўлаш учун йўналтирилиши мумкин.
Ишчига тўланадиган кафолатли тўловлар
Иш берувчи қуйидаги ҳолатларда ишчига кафолатли тўловларни амалга оширади:
- ишчи билим ва кўникмалар текширувидан ёки мажбурий тиббий кўрикдан ўзининг айбисиз ўтмаганлиги сабабли ишдан четлаштирилган давр учун
- ишчи ўзига нисбатан хизмат текшируви ўтказилганлиги туфайли ишдан четлатилган давр учун
- йиллик меҳнат таътилида бўлган давр учун
- иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган давр учун
- иш берувчининг айби билан меҳнат мажбуриятлари ижро этилмаган давр учун
- соғлиғининг ҳолатига кўра енгилроқ ишга ўтказилган давр учун
- хизмат сафарида бўлган давр учун
- ишчи ишдан ажралган ҳолда қайта тайёрлашдан ёки мажбурий малака оширишдан ўтган давр учун
- ўқув таътилларида бўлган давр учун
- ижодий таътилларда бўлган давр учун
- мажбурий тиббий кўриклардан ўтган давр учун